ИЛМ-МАЪРИФАТ ВА РАҚАМЛИ ИҚТИСОДИЁТ ОДИМЛАРИ
Биз буюк тарих, буюк давлат,
буюк маданият яратган халқмиз.
Биз – ҳеч қачон меҳнатдан
қочмайдиган,
қийинчиликдан қўрқмайдиган,
адолатни қадрлайдиган,
азму шижоатли, буюк халқмиз.
Ўзбекистон Президенти Ш.М.Мирзиёев.
Президент
Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга ҳар йилги мурожаатномаси доирасида илмий ва
технологик ривожланишнинг муҳимлигига алоҳида урғу берди.
“Биз Ўзбекистонни ривожланган
мамлакатга айлантиришни мақсад қилиб қўйган эканмиз, бунга фақат жадал
ислоҳотлар, илм-маърифат ва инновация билан эриша оламиз.
Бунинг учун, авваламбор,
ташаббускор ислоҳотчи бўлиб майдонга чиқадиган, стратегик фикр юритадиган,
билимли ва малакали янги авлод кадрларини тарбиялашимиз зарур. Шунинг учун ҳам
боғчадан бошлаб олий ўқув юртигача – таълимнинг барча бўғинларини ислоҳ қилишни
бошладик.
Нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз
аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун аввало илм-маърифат, юксак маънавият
керак. Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади.
Шарқ донишмандлари айтганидек, «Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос
– бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир».
Шу сабабли ҳаммамиз учун замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат
ва юксак маданият эгаси бўлиш узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиши керак.
Тараққиётга эришиш
учун рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологияларини эгаллашимиз зарур
ва шарт. Бу бизга юксалишнинг энг қисқа йўлидан бориш имкониятини беради.
Бугун дунёда барча
соҳаларга ахборот технологиялари чуқур кириб бормоқда. Юртимиз Халқаро ахборот
коммуникация технологияларини ривожлантириш индекси бўйича 2019 йилда 8
поғонага кўтарилган бўлса-да, ҳали жуда ҳам орқадамиз.
Аксарият вазирлик ва
идоралар, корхоналар рақамли технологиялардан мутлақо йироқ, десак, бу ҳам
ҳақиқат.
Албатта, рақамли
иқтисодиётни шакллантириш керакли инфратузилма, кўп маблағ ва меҳнат
ресурсларини талаб этишини жуда яхши биламиз.
Бироқ, қанчалик қийин
бўлмасин, бу ишга бугун киришмасак, қачон киришамиз?! Эртага жуда кеч бўлади.
Шу боис, рақамли иқтисодиётга
фаол ўтиш – келгуси 5 йилдаги энг устувор вазифаларимиздан бири бўлади.
Рақамли технологиялар
нафақат маҳсулот ва хизматлар сифатини оширади, ортиқча харажатларни
камайтиради. Шу билан бирга, мени жуда қаттиқ ташвишга соладиган ва безовта
қиладиган энг оғир иллат – коррупция балосини йўқотишда ҳам улар самарали
воситадир.
Давлат ва жамият
бошқаруви, ижтимоий соҳада ҳам рақамли технологияларни кенг жорий этиб,
натижадорликни ошириш, бир сўз билан айтганда, одамлар турмушини кескин яхшилаш
мумкин.
Мамлакатимизда илм-фанни янада равнақ
топтириш, ёшларимизни чуқур билим, юксак маънавият ва маданият эгаси этиб
тарбиялаш, рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш борасида бошлаган
ишларимизни жадал давом эттириш ва янги, замонавий босқичга кўтариш мақсадида
мен юртимизда 2020 йилга «Илм, маърифат ва рақамли
иқтисодиётни ривожлантириш йили», деб ном беришни таклиф этаман – деди Ўзбекистон Презтиденти Ш.М.Мирзиёев.
Ўзбекистон
Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга
Мурожаатномаси
27.01.2020й.
ИЛМ-МАЪРИФАТ ВА РАҚАМЛИ ИҚТИСОДИЁТ ОДИМЛАРИ
Мамлакатимиз Президентининг мурожаати нафақат парламентга балки жамиятимизнинг барча қатламларига мансуб бўлган фуқороларга нисбатан мурожаат сифатида қабул этиб, ундаги барча соҳаларга қўйилган вазифаларни ўз вақтида, сифатли ва самарали бажариш жамиятимиз аъзоларидан бир бутун бўлиб ҳаракат қилишни тақозо қилади. 2020 йилнинг “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб номланиши Ўзбекистонни ривожланиш тарихидаги илк инқилобий даврни бошланиши деб ҳисобласак айни муддао бўлади. Президентимизнинг нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг билим савиясини ошириш учун аввало илм-маърифат, юксак маънавият керак бўлиб, илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади деб донишмандларча айтган сўзлари муқаддас китобимиз Қуръоннинг илк оятида хам “Ўқинг”, “Ўқинг” деб илму маърифатга алоҳида урғу берилганлиги ва “Илм”сўзининг 900 га яқин ўринда турли маъноларда келганлиги бу даъватнинг муҳимлигини англатади. Шунинг учун Президентимиз ўз мурожаатида бекорга “Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос – бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир!” деб уқтириб ўтмади.
Ҳозирда тараққий этган давлатлар қаторига қўшилишимиз учун аввало илғор замонавий ахборот-коммуникация, интернет ҳамда рақамли технологиялар соҳасидаги билимларни чуқур эгаллаш орқали юксалишнинг энг қисқа йўлидан боришимиз керак. Бунинг учун жамиятимизнинг барча қатламларида инновацион технологияларни қўллаш борасидаги саводҳонликни узлуксиз равишда ошириб боришимиз зарур. Илму маърифатнинг натижадорлик кўрсаткичларига бевосита таъсир қилувчи кўп сонли технологиялардан асосийси рақамли иктисодиёт технологиялари ҳисобланади. Ҳозирги кунда уни қисқача рақамли иқтисодиёт деб аталмоқда. Лекин аввал “Рақамли иқтисодиёт ўзи нима?”, “Анъанавий иқтисодиётдан фарқи нимада?”, “Қандай белгилари ҳамда қулайликлари бор?”, “Уни ривожлантириш бизга нима беради?” деган саволларга жавоб топиш керак бўлади.
1995 йилда Массачусет университетининг информатика соҳасидаги олими Николас Негропонте “Рақамли иқтисодиёт” атамасини амалиётга киритиб, уни атомлар ҳаракатидан битлар ҳаракатига ўтиш метафораси шаклида ифодалади.
Айни пайтда ушбу атамани бутун дунёдаги сиёсатчилар, иқтисодчилар,
журналистлар, бизнесменлар ўз фаолиятларида қўллаб келмоқдалар. 2016 йилда
Бутунжаҳон банки дунё буйича рақамли иқтисодиёт ҳолати ҳақидаги ҳисоботни жаҳон
оммасига тақдим этиб, “Рақамли дивидендлар” номидаги маърузаси билан чиқиш
қилди. Аслини олганда “Рақамли иқтисодиёт”га асосий пойдеворни математика
фанига “0” рақамини киргизган улуғ Ал-Хоразмий бобомиз асос солиб, айни
пайтдаги мавжуд замонавий компьютерлар, ахборот-коммуникация ҳамда юқори
технологияларнинг бобоколони деб ҳисоблашимиз керак. Рақамли иқтисодиёт
атамасининг илмий адабиётларда шу кунгача 10 дан ортиқ талқини бўлган ҳолда,
ҳозиргача фанда яхлит бир атама сифатида қайд этилмаган. Ушбу талқинларнинг
асосийлари қуйидагилар хисобланади: Рақамли иктисодиёт бу-
-реал борлиқни тўлдирувчи виртуал муҳит;
-рақамли технологияларга асосланган
иқтисодий ишлаб чиқариш;
-интернет технологияларига асосланган
иқтисодиёт;
-янги иқтисодиёт;
-веб-иқтисодиёт;
-ахборотларни қайта ишлаш, сақлаш узатиш
борасидаги янги усуллар генерациясига ҳамда рақамли компьютер технологияларига
асосланган иқтисодиёт;
-нолдан бошлаб яратилиши лозим бўлган қандайдир бошқача иқтисодиёт эмас, бу янги технологиялар, платформалар ва бизнес моделларини яратиш ва уларни кундалик ҳаётга жорий этиш орқали мавжуд иқтисодиётни янгича тизимга кўчириш деганидир.
Юқоридаги барча атамаларни
инобатга олиб, синтез қилган ҳолда бу иқтисодиётга қуйидагича таъриф беришимиз
мумкин:
Рақамли иқтисодиёт - бу
сиёсий-иқтисодий, илмий-ижтимоий, маданий ва маърифий муносабатлардаги алоқаларни
рақамли технологияларни қўллаш ёрдамида амалга оширувчи янги тизим ҳисобланади.
Рақамли иқтисодиётнинг асосий
белгилари юқори даражада автоматлаштирилганлик, электрон ҳужжат алмашинувини
сифатли амалга оширишнинг мавжудлиги, бухгалтерлик, аудиторлик ва бошқарув
тизимларининг ўзаро электрон интеграциялашуви, маълумотларнинг электрон
базалари, CRM (мижозлар билан ўзаро муносабат тизими) мавжудлиги, турли хилдаги
корпоратив тармоқлардан иборат.
Унинг қулайликларига турли тўловлар учун харажатларнинг қисқариши (масалан, банкка бориш учун йўлкира ва бошқа ресурслар тежалади), товарлар ва хизматлар ҳақида жуда кўп оператив маълумотларга эга бўлган холда, уларни жаҳон бозорига олиб чиқиш имкониятларининг кенгайишини киритишимиз мумкин.
Рақамли иқтисодиётнинг анъанавий иқтисодиётдан фарқи нимадалигига изоҳ берайлик. Масалан, харидорга қандайдир маҳсулот ёки хизмат тури керак. Уни бозорга тушиб ўзи бевосита танласа ва нақд пулга сотиб олса, бу анъанавий иқтисод. Интернет тармоғидаги бирор - бир электрон савдо майдончасидан ёки телеграммдаги бирон савдо боти орқали ўзига маъқул товарни танлаб, товар эгасига пулни электрон тўлов тизими орқали тўлаш ва товарни етказиб бериш хизмати орқали олишга – рақамли иқтисодиёт дейилади. Аслида, ҳаммамиз аллақачон рақамли иқтисодиёт ичидамиз, унинг қулайликларидан фойдаланиб келмоқдамиз. Масалан, ойликларимиз пластик карталарга тушади, электрон тўловлар ёрдамида коммунал хизматлар, телефон, интернет ва бошқа маҳсулот ва хизматларга тўлов қиламиз, электрон тарзда солиқ декларацияси ҳамда ҳисоботини топширамиз, картадан - картага пул ўтказамиз. Кейинги йилларда интернетга кириш ва ундан фойдаланиш бўйича шаҳарлар ва қишлоқлар ўртасидаги тафовут йўқолиб бормоқда. Мобиль интернет тобора ривожланмоқда.
Рақамли технологияларга асосланган платформаларнинг ривожланиш борасида хорижий тажриба сифатида “Алибаба” электрон савдо тизимига эга бўлган Хитой компаниясини келтириб ўтиш мумкин. Ундан фойдаланиш амалиёти шуни кўрсатмоқдаки, маълумотлар тўплаш жараёнида иқтисодиётнинг турли секторларига экспансия учун ўта рақобатли устунликлар яратилади. “Алибаба” бу – оддийгина рақамли платформа эмас, балки платформалар экотизимидан иборат бўлган замонавий бошқарув тизимидир. Бундан ташқари бутун дунёдаги китоб савдосига ва кутубхоналарга хизмат қилувчи “Амазон” рақамли порталини, 1000 дан ортиқ турдаги масофавий таълимни қўллаб-кувватловчи оммавий онлайн очиқ курсларини, миллиондан ортиқ муаллифлик курсларини мисол келтирсак бўлади. Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш келажакда бизга нима беради?
Рақамли иқтисодиёт инсонларнинг
турмуш даражасини бир неча баробар ошириб, мамлакат миллий хавфсизлиги ҳамда
мустақиллигини таъминловчи асосий индикатор кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.
Давлат ва жамият бошқаруви, ижтимоий соҳада ҳам рақамли технологияларни кенг
жорий этиб, натижадорликни ошириш, бир сўз билан айтганда, одамлар турмушини
кескин яхшилаш орқали коррупция ва “Қора яширин иқтисодиёт” илдизига болта
уради. Чунки, рақамлар ҳамма нарсани муҳрлайди, хотирада
сақлайди, керак пайтда маълумотларни тез тақдим этади. Бундай шароитда бирон
маълумотни яшириш, яширин битимлар тузиш, у ёки бу фаолият ҳақида тўлиқ ахборот
бермасликнинг иложи йўқ, компьютер ҳаммасини намоён қилиб қўяди.
Телекоммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш, аҳолини сифатли уяли алоқа, кенг полосали интернетдан фойдаланиш имкони билан таъминлаш, соғлиқни сақлаш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, таълим, коммунал хизмат кўрсатиш, туризм соҳаларида замонавий ахборот тизимлари, дастурий маҳсулотлар ва маълумотлар базаларини жорий этиш, шунингдек “Ақлли” ва “Хавфсиз” шаҳар ва қишлоқлар ҳамда минтақаларни ташкил этиш, рақамли иқтисодиётни давлат-хусусий шериклик тизимига инновацион лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида йўналтириш, замонавий дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини қўллаб-қувватлаш, “Интеллектуал ҳукумат” тамойиллари асосида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига электрон давлат хизматларини кўрсатиш тизимини янада кенгайтириш чора-тадбирларини оғишмай амалга ошириш бугунги кунимизнинг асосий ва шу билан бирга долзарб вазифалардан саналади.
2030 йилгача ахборот-коммуникация ва интернет технологияларига асосланган рақамли иқтисодиёт улушини мамлакат ялпи ички маҳсулот таркибида 10% га (ҳозирда 2%) кўтариш келажакдаги стратегик вазифаларимиздан биридир. Бунинг асосида ишлаб чиқилаётган “Рақамли Ўзбекистон – 2030” дастурида қўзда тутилган муаммоларни тезлик билан амалиётга татбиқ қилиш ечими ётади. Фикримизча яқин келажакда “Рақамли Ўзбекистон” тўғрисидаги Конуннинг қабул килиниши, рақамли иқтисодиётга фаол ўтишнинг келгуси 5 йилдаги энг устувор вазифаларимизни самарали бажарилишига тўлақонли хизмат қилиб, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича туб бурилишга қонуний асос бўлади.
“АХБОРОТЛАШГАН ЖАМИЯТ” МУҲИТИНИ ЯРАТИШ
НИМА БЕРАДИ?
Рақамли
иқтисодиётга ўтиш келгуси беш йилдаги энг устувор мақсадимиз бўлиши ҳақидаги
таъкид эса, бевосита илм-маърифатни ривожлантириш билан чамбарчас боғлиқдир.
Бинобарин, бугунги тезкор замонда жаҳон бўйлаб глобаллашув жараёнлари тобора
чуқурлашиб бораётган шароитда рақамли иқтисодиёт илғор давлатлар
иқтисодиётининг барча тармоқларида кенг жорий этилмоқда. Ҳаттоки, айрим
мамлакатлар ушбу соҳанинг энг юқори чўққиси ҳисобланган сунъий интеллектдан
фаол фойдаланишга ўтганига гувоҳ бўляпмиз. Нуфузли халқаро ташкилотлар олиб
борган таҳлиллар натижаларига кўра, рақамли иқтисодиёт ялпи ички маҳсулотни
камида 30 фоизга ўстириш, шунинг баробарида, хуфёна иқтисодиётга барҳам бериш
ва коррупцияни кескин камайтириш имконини берар экан.
Кўриниб
турибдики, мазкур соҳа юртимизда барча соҳа ва тармоқларнинг юксак ривожига
жиддий туртки бўлади.
Халқаро
амалиётга юзланадиган бўлсак, ҳозирги кунда рақамли иқтисодиёт электрон тижорат
ва хизматлар соҳаси билан чекланиб қолмай, балки ҳаётнинг ҳар бир жабҳасига,
хусусан, соғлиқни сақлаш, фан-таълим, қурилиш, энергетика, қишлоқ ва сув
хўжалиги, транспорт, геология, кадастр, архив, ахборот-технологиялари,
интернет-банкинг ва бошқа соҳаларга жадал кириб бормоқда ва уларнинг ҳар бирида
ўзининг юқори самараларини бермоқда.
Фуқароларнинг
давлат органлари билан алоқасини электрон платформа орқали алоқага ўтказиш,
яъни давлат ўз фуқаролари учун электрон хизматлар кўрсатиши ва электрон
маҳсулотларни таклиф этиши – бу рақамли иқтисодиётнинг асосий қисми
ҳисобланади. Мамлакатимизда ушбу соҳани кенг ривожлантириш Президентимиз
таъкидлаганидек, биздаги энг асосий оғриқли муаммолардан бири – коррупция
иллатига барҳам беради.
Шу боис
ҳам кўпгина давлатлар ҳозирги кунда рақамли иқтисодиёт соҳасига жиддий эътибор
қаратмоқда. Масалан, 2017 йил 28 июлда Россия Федерацияси ҳукумати Рақамли
иқтисодиёт дастурини қабул қилди. Эстония, Беларусь Республикаси ва Украина
рақамли иқтисодиётни фаол ривожлантирмоқда.
Ўз
навбатида, айрим давлатларда айнан рақамли иқтисодиётни ривожлантириш учун
зарурий инфраструктурани яратишга ҳаракат қилинмоқда. Жумладан, Австралия
ҳукумати фуқароларга юқори тезликдаги рақамли алоқани тақдим этиш чораларини
кўрмоқда, яъни, Австралиядаги миллий кенг полосали тармоқ (National Broadband
Network) Австралия аҳолисининг 93 фоизини 1 Гбит/с тезликдаги интернет билан
таъминлаш мажбуриятини олган.
Шундай
экан, Ўзбекистонда “Рақамли Ўзбекистон-2030” дастурини ишлаб чиқиш ва ҳаётга
татбиқ этишда, энг аввало, пухта ва мукаммал ташкилий-ҳуқуқий механизмларни
шакллантириш, қолаверса, инновацион ғоялар, технологиялар ва ишланмаларни жорий
этиш бўйича давлат органлари ва тадбиркорлик субъектларининг узвий ҳамкорлигини
таъминлаш, барча соҳа ва тармоқларда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишни рақамли
технологиялар билан қамраб олиш, бу борада замонавий билимларни чуқур
эгаллаган, интеллектуал салоҳиятли кадрларни етиштириш, мухтасар айтганда,
мамлакатда “ахборотлашган жамият”
муҳитини яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ.
Ўзбекистон Республикаси ҳар бир ташкилот ва
корхонаси бу йилги фаолиятида халқаро ва миллий
ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда айнан Мурожаатномада белгилаб берилган
долзарб ва муҳим вазифалар ҳамда “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни
ривожлантириш йили” Давлат дастурида акс этадиган чора-тадбирлар ижросига
қаратилган лойиҳалар, тадқиқот ва таҳлилларни амалга оширади.
Жумладан: 2019 йилнинг 28 феврал-1март кунлари Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.Мирзиёевнинг Наманган вилоятига ташриф чоғида Ахборот ва Оммавий
коммуникациялари агентлиги томонидан вилоят ахборот кутубхона марказини замон
талабларига мос равишда таъмирлаш, унинг фондини янги китоблар билан бойитиш,
хорижий давлатлар кутубхоналаридан масофавий фойдаланиш имкониятини яратиш,
ахборот-кутубхона маркази атрофини ободонлаштриш, китоб мутолааси учун
ўқувчиларга қулай шарт-шароит яратиш таклифи билдирилган эди. Қурилиш таъмирлаш
ишлари амалга оширилгандан сўнг замонавий кўринишга эга бўлган бинода “Bookcafe”,”
QR” кодли электрон китоблар, аудио китоблар,янги адабиётлар кўргазмалари, медиа
ва интернет зали, хорижий ёзувчилар асарларини ўқиб ўрганиш учун “Дўстлик” ўқув
зали, шунингдек “Ўзбекистон”, “Нодирабегим”, “Ёшлар” ва “Илм” заллар фаолият кўрсатмоқда.Кутубхонанинг ахборот
коммуникация технологиялари ва рақамлаштириш хизмати бўлимига қайта
таъмирлашдан сўнг “Fujitsu Fi-6770” тезкор сканер, Mikrobox-A1 сканерлари
ўрнатилди.Уларнинг вазифаси ноёб адабиётларни, катта форматдаги “А-1” газета,
журналларни, китобларни зарар етказмасдан рақамлаштиришдан иборат. Бундан
мақсад фойдаланувчиларга тезкор хизмат
кўрсатиш, масофавий хизмат кўрсатишни такомиллаштириш.АКМ ҳозирги кунгача 24
минг номда китобларни рақамлаштирилди.
Нодирабегим номидаги ахборот-кутубхона марказида “Илм-маърифат
ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”га бағишлаб ўтказиладиган тадбирлар
РЕЖАСИ
№ |
Тадбирлар
номи |
шакли |
муддати |
Маъсул |
1. |
“Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш
йили”га |
кўргазма |
Йил давомида |
Электрон ресурслардан фойдаланиш ва ўқув заллари
хизмати |
2. |
“Илм-маърифат
ва рақамли иқтисодиёт одимлари” |
Услубий қўлланма |
февраль |
Илмий методика хизмати |
3. |
“Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш
йили” |
Тавсия рўйхат |
февраль |
Ахборот-библиография хизмати |
4. |
“Истиқлолдан
юксалган қадр”. |
Кўргазма |
март |
Умумий ўқув
зали. |
5. |
“Илм –зиё
салоҳияти –юрт бойлиги “ |
Давра суҳбати |
апрель |
Абонемент
сектори |
6 |
“Юксалишнинг асосий-омили – илм маърифатдир” |
суҳбат |
апрель |
“Бизнес сари йўл” тўгараги |
7. |
“Илм –маърифат тараққиётни белгилайди” |
Кўргазма, давра суҳбати |
май |
Маданий –маърифий ёшлар билан ишлаш сектори |
8. |
“Ёшлар келажагини илм-маърифат , Истиқболини рақамли
иқтисодиёт белгилайди” |
Кўргазма олдида суҳбат |
июнь |
Электрон ресурслардан фойдаланиш ва ўқув заллари хизмати |
9. |
“Ислоҳотлар –инсон манфаатлари учун!” |
Тавсия рўйхат |
июль |
Ўлкашунослик сектори |
10. |
“Рақамли иқтисодиёт-миллий тараққиётнинг янги
босқичи” |
суҳбат |
август |
“Ўзбекистон” ўқув зали |
ФОЙДАЛАНИЛГАН
АДАБИЁТЛАР:
1. Ўзбекистон
Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга
мурожаатномаси. [Матн] //Халқ сўзи. -
2020.-25 янв.- 1-4б.
2. Тиббиёт ва илм-фан соҳаларда долзарб масалалар таҳлил қилиниб, қўшимча вазифалар белгиланди [Матн]:
( Ўзбекистон Республикаси
Президенти Шавкат Мирзиёев 27
январь куни соғлиқни сақлаш соҳасини ва илм-фан йўналишларини
ривожлантириш масалаларига бағишланган
йиғилиш бўлиб ўтди) // Халқ сўзи. - 2020.
- 28 янв.-Б. 1
3.
Зиёдов, Ш.
Ислом динини инсонпарварлик моҳиятини тарғиб
қилиш янгича шакл ва мазмун касб этади [Матн]: (2020 йили-Илм, маърифат ва
рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили)
/Зиёдов Ш. // Халқ сўзи.-2020.-28 янв.-Б.
3
4. Ёқубов, М
Замонавий билимларни эгаллаб,
юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшамиз [Матн] / Ёқубов
М. //Халқ сўзи.-2020.-28 янв.-Б. 3
5. Жумаев, Н.
Рақамли иқтисодиёт аҳолининг яшаш
даражасини юксалтириш реал даромадларини оширишган хизмат қилади [Матн] /Н.Жумаев // Халқ сўзи.-2020.-30 янв.-Б.1-3.
6. Элмуродов ,
М.
Азму шижоатли халқимиз тарихимизнинг янги
саҳифасини яратишга қодир [Матн]:(
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йил 24 январь
куни Олий Мажлисга
навбатдаги Мурожаатномани тақдим
этди) /М.Элмуродов //Халқ сўзи.-2020.-25
янв.- Б. 1-4.
7. Маматов, О.
Йил номи: даҳлдорлик ва
маъсулият. [Матн] /О. Маматов // Наманган ҳақиқати. -2020 й. -29 янв. -Б.1
Тузувчи: Л.Лутфуллаева
Комментарии
Отправить комментарий