“Давлат тили-миллат бойлиги,тараққиёт кафолати”


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГҚАРОРИ                  04.10.2019 й. ПҚ-4479

Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида           Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

      Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлик ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида ғоят муҳим ўрин эгаллаб келаётган буюк қадриятдир.
2019 йил 21 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганига ўттиз йил тўлади. Мазкур тарихий ҳужжатга биноан ўтган йиллар давомида она тилимиз мустаҳкам ҳуқуқий асос ва юксак мақомга эга бўлди. Ҳозирги кунда ўзбек тили ҳаётимизнинг барча жабҳаларида – давлат ва жамият бошқаруви, давлатлараро муносабатлар, илм-фан, таълим-тарбия, тиббиёт, маданият ва санъат соҳаларида фаол қўлланилмоқда, халқаро минбарлардан баралла янграмоқда.
Ўзбекистон тараққиётининг бугунги янги босқичи – миллий юксалиш даври талабларидан келиб чиқиб, она тилимизнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил этилгани она тилимизнинг тарихий илдизларини чуқур ўрганиш, уни илмий асосда ҳар томонлама ривожлантириш ва қўлланиш доирасини кенгайтириш, филолог кадрлар тайёрлаш борасидаги ишларни янги поғонага кўтарди.
Ҳудудларда атоқли аллома ва адибларимиз номлари билан аталган ижод мактабларининг барпо этилиши бу йўлдаги яна бир муҳим қадам бўлди.
Ватанимиз мустақиллигининг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, халқимиз, аввало ёш авлодни миллий қадриятларимизга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда ўзбек тилининг аҳамияти тобора ортиб бораётганини ҳисобга олиб ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини муносиб нишонлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Журналистлар ижодий уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва жамоатчилик вакилларининг жорий йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини мамлакатимизда кенг нишонлаш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
2. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби 1-иловага;
Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллиги муносабати билан ўтказиладиган оммавий маънавий-маърифий чора-тадбирлар дастури (кейинги ўринларда Дастур деб аталади) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3.Ташкилий қўмита (А.Арипов):
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг пухта тайёргарлик асосида, юқори савияда ўтказилишини таъминласин;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳридаги барча шаҳар ва туманларда байрам тадбирларини ташкил этсин;
умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўзбек тили мавзусида иншолар танловини ўтказсин;
мамлакатимиздаги театрлар ва кинотеатрларда, маданият саройларида буюк алломаларимиз ҳақидаги спектакллар, бадиий ва ҳужжатли фильмлар намойишини ташкил этсин;
“Ўзбек тили тараққиёти ва халқаро ҳамкорлик масалалари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ҳамда “Ўзбек тилшунослигининг долзарб масалалари” мавзусида республика конференциясини ўтказсин;
ўзбек адабий тилининг асосчиси, буюк мутафаккир шоиримиз Алишер Навоийга Тошкент шаҳридаги Миллий боғда, шунингдек, вилоят ва шаҳарларда ўрнатилган ҳайкаллар пойига гул қўйиш маросимини уюштирсин;
мамлакатимизнинг хориждаги элчихоналари ва дипломатик ваколатхоналарида ўзбек тилига бағишланган байрам тадбирларини ўтказсин ва “Ўзбек тилининг дўстлари” клубларини тузсин;
мамлакатимизда янгитдан ташкил этилиб, фаолият кўрсатаётган Муҳаммад Ризо Огаҳий, Исҳоқхон Ибрат, Абдулла Қодирий, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Ибройим Юсупов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ҳалима Худойбердиева, Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактабларида она тилига бағишланган маънавий-маърифий тадбирларни ўтказсин;
ҳудудларда тил байрамига бағишланган адабий-маърифий кечалар ҳамда янги китоблар тақдимотини амалга оширсин;
21 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги санъат саройларида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали байрам тадбирларини ташкил этсин.
4. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетлари даромадларининг орттириб бажарилган қисмидан, шунингдек, ҳомийлик хайриялари ҳисобидан қопланади.
5. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин.
6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.
ЎзбекистонРеспубликаси
Президенти                         Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2019 йил 4 октябрь.



Кутубхоначига

“Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган   ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир.Кимда-ким ўзбек тилининг бор латофатини, жозибаси ва таъсир кучини, чексиз имкониятларини ҳис қилмоқчи бўлса, мунис оналаримизнинг аллаларини, минг йиллик достонларимизни, ўлмас мақомларимизни эшитсин, ҳофизларимизнинг сеҳрли қўшиқларига қулоқ тутсин”
                                                                                                       Ш.М.Мирзиёев.
         Ўзбек тили давлат тили сифатида халқимизни бирлаштирадиган, жамиятимизни улуғ мақсадлар сари сафарбар этадиган қудратли куч бўлиб майдонга чиқди. Айни вақтда у Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги сари қўйилган биринчи дадил қадам эди.
Бу қонун халқимизнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш йўлидаги азму қарорининг ёрқин намоёни бўлди. Орадан икки йил ўтиб, Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги айнан она тилимизда жаҳонга эълон қилинди.
Мамлакатимизнинг Асосий қонуни – Конституциямизнинг ўзбек тилида яратилиши унинг нуфузини янада юксалтирди.
Юртимиз бўйлаб ва халқаро майдонларда она тилимизда янграётган Давлат мадҳияси ҳам қалбларимизда Ватан туйғусини жўш урдиради.
Ўзбек тили ўтган йиллар давомида мамлакатимиздаги юздан ортиқ миллат ва элат вакилларини ўзаро боғлайдиган меҳр-оқибат тилига айланди.
Бундан беш аср муқаддам ҳазрат Алишер Навоий:
                        Турк назмида чу мен тортиб алам,
                        Айладим ул мамлакатни якқалам”,
деб ёзган эди. Яъни, ул зот она тили байроғини баланд кўтариб, бутун эл-улусни, юртларни шу байроқ остида бирлаштирдим, деб ифтихор қилган.
Барчамизга яхши аёнки, она тили – миллат маънавиятининг мустаҳкам пойдеворидир. Улуғ маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний таъкидлаганидек, ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадиган ойинаи ҳаёти – бу унинг миллий тили ва адабиётидир.
Шу маънода дунё ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллашни мақсад қилиб қўйган ҳар қайси давлат аввало ўз халқининг миллий тили ва маданиятини асраб-авайлашга, ривожлантиришга интилади.
   Шундай қилиб, 1992 йил 7-декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси  Конституциясида  давлат  тилининг  мақоми хуқуқий жихатдан  аниқ белгилаб, мустахкамлаб қўйилди . Шу тариқа ўзбек тили  мустақил давлатимизнинг  байроғи, герби, мадхияси, Конституцияси  қаторида турадиган муқаддас тимсоллардан бирига  айланди.                                                              
        Ўзбек тилига Давлат тили  мақомининг берилиши она тилимиз учун улкан тараққиёт, ривожланиш, битмас туганмас  имкониятлар  эшигини  очди. Муассасаларда иш юритиш ўзбек тилига кўчирилди.
Ўзбек халқи ўз тилини қалбидаги тенгсиз гавхар, табиат инъом қилган қутлуғ неъмат сифатида асрлар давомида ардоқлаб сақлаб унинг бойиши,ривожи учун қайғурди ва курашди. Бу ўринда юртбошимизнинг қуйидаги фикрларини эслаб ўтиш ўринлидир “Ота –боболаримиз асрлар давомида тилимизни, дилимиз ва динимизни, Ўзбекнинг ўзлигини  хар томонлама асраб авайлаб, баркамол авлодларни вояга етказдилар. Бундай фазилатлар асл эътиборга кўра бизнинг захматкаш халқимизга  муносибдир ва бу билан биз харқанча ғурурлансак арзийди”
       Ўзбек халқининг тили халқимиз, Ватанимиз каби тарихнинг кўпгина  мураккаб синовларидан  мардонавор ўтди. Ўлкамизни  ўтмишда  истило қилган  босқинчилар ўзбек халқини  она тилидан  махрум қилишга  интилганлар. Бу тилда  расмий  доираларда гапириш  ва илмий асарлар ёзиш  ман қилиб қўйилган  эди. Улар махаллий  халқ тилида ёзилган хар қандай китоб ва қўлёзмаларни ёқиб  ташлашган. Чунки қадимий ёзма обидалар халқнинг тили, тарихи, маданияти, рухияти, орзу-умидларини ўзида мужассам қилиб асрлардан асрларга олиб ўтадиган улуғ восита  ва миллий қадрият эканлигини яхши англашган.
Чор россияси Туркистонни босиб олгандан кейин, сўнгра социалистик  тузум хам махаллий тилларнинг қўлланиш доирасини  чеклаш, рус тилини собиқ СССР ҳудудида яшовчи барча халқлар ва миллатларнинг “Хўжайин” тилига айлантириш, уни ҳамма миллат ва халқларнинг “иккинчи она тили”га айлантириш сиёсатини олиб бордилар. Мана шундай қийинчиликларга қарамай ўзбек халқи ўз она тилини асраб авайлаб келдилар. Ўзбек  адабиёти ва тилшунослиги имконият даражасида ривожланди. Ўзбек тилининг луғавий, фонетик, грамматик хусусиятлари хақида олимларимиз тадқиқотлар олиб бордилар..Масалан: ”Хозирги замон ўзбек тили”(1956),”Хозирги ўзбек  адабий тили”(1966) , “Ўзбек тили грамматикаси” (1975) , “Ўзбек диалектологиясидан материаллар” (1960), ”Ўзбек шевалари лексикаси”(1966),”Ўзбек тилининг изохли  луғати”(1981)каби фундаментал тадқиқотлар яратилди.
Бугун  ифтихор билан  такрор  ва  такрор айтмоқ лозимки, истиқлол шарофати  билан юқорида қайд этилган қийинчиликлар  бархам топди. Ўзбек тилимизнинг қадди  хам, қадри  хам бутунлай тикланди.  Юртбошимизнинг қуйидаги  фикрлари  биз учун дастуриламалдир.
 Биз авлодлардан  аждодларга  ўтиб  келаётган бебахо  бойликларнинг ворислари  сифатида  она тилимизни асраб авайлашимиз, уни бойитиш  нуфузини янада  ошириш  устида  тинмай  ва доимий  ишлашимиз  зарур”
  Авлоддан  авлодга  мерос қоладиган асосий бойлик –тил . Она тили  бор экан, ватан  бор, миллат  бор. Тил халқнинг умр ўлчовини  белгилайди. Дунёдаги бор гўзалликни англаш, онанинг сеҳрли  алласини эшитмоқлик бахти –тил бағрида.                                                              
Ота-боболаримиз, буюк аждодларимиз бизга мерос  қолдирган олий неъмат –она тилимиз билан хар қанча фахрлансак, ғурурлансак  арзийди. 
Шундай экан, ҳар бир ота –она фарзандларига  қўшиқ,, эртак, достонлар айтиб, ўз она тили  учун чексиз  мехр  мухаббат  уйғотсалар  мақсадга мувофиқ  бўлур  эди.
Тилимизни  соф  ва покиза  сақлашимиз, авайлаб –асрашимиз, эъзозлашимиз, она  тилимизга  садоқатли  ёшларни тарбиялашимиз  бизнинг   хар  биримизнинг  асосий бурчимиз  бўлмоғи  даркор.  
   Ўзбекистон Республикаси Президенти   Ш.МИРЗИЁЕВнинг 2019 йил 21 октябрдаги 5850-ПФ фармонига мувофиқ ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун – 21 октябрь санасини “Ўзбек тили байрами куни” деб эълон қилинди.
 Янги муҳташам «Конгресс-холл» саройида 21 октябрь куни ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. 
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.
Давлат раҳбари йиғилганларни, бутун халқимизни ушбу тарихий сана билан табриклади.
«Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир. Кимда-ким ўзбек тилининг бор латофатини, жозибаси ва таъсир кучини, чексиз имкониятларини ҳис қилмоқчи бўлса, мунис оналаримизнинг аллаларини, минг йиллик достонларимизни, ўлмас мақомларимизни эшитсин, бахши ва ҳофизларимизнинг сеҳрли қўшиқларига қулоқ тутсин», - деди Президент.
Ўзбек тили туркий тиллар оиласига мансуб энг йирик тиллардан биридир. Дунё миқёсида бу тилда 50 миллионга яқин одам сўзлашади.
Мустабид тузум даврида тилимизни йўқотишга кўп уринишлар бўлган эди. Лекин халқимиз ўз она тилини – миллий ғурурини сақлаб қолди. Миллатпарвар зиёлилар, тилимиз фидойиларининг жонкуярлиги натижасида 1989 йил 21 октябрь куни қабул қилинган қонунга асосан, ўзбек тили мамлакатимизда давлат тили мақомига эга бўлди.
Ушбу тарихий санадан ўттиз йил ўтиб бу борада яна бир қутлуғ қадам қўйилди. Президентимиз 2019 йил 21 октябрь куни «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» фармон қабул қилди. Унга биноан 21 октябрь санаси юртимизда «Ўзбек тили байрами куни» деб белгиланди. Она тилимиз фидойилари, бутун халқимиз бу хушхабарни катта хурсандчилик билан қарши олди. 
Президент она тилимизнинг давлат ва жамият ҳаётидаги таъсири ва мавқеини янада ошириш, «Давлат тили ҳақида»ги қонунни бугунги кун талабларидан келиб чиқиб такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади. Бу борадаги долзарб вазифаларни кўрсатиб ўтди.
«Ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни, она ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз керак. Бу олижаноб ҳаракатни барчамиз ўзимиздан, ўз оиламиз ва жамоамиздан бошлашимиз, она тилимизга, урф-одат ва қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга меҳримизни амалий фаолиятда намоён этишимиз керак», деди Президент. 

Биз кутубхоначилар  ўзбек  тилимизни  ва ушбу тилда  нашр  этилган  адабиётларни кўз  қорачиғидек  сақлашимиз хамда халқ  оммаси  ўртасида  тарғибот  қилишимиз  зарур. Бунинг  учун китоб  тарғиботининг  хамма шакл ва усулларидан  фойдаланиш  бизнинг асосий  вазифамизга  айланиш керак . Хозирги даврда  шаҳарларимизда ўрнатилган сон-саноқсиз тасвирий лавҳалар ва реклама баннерларида ўзбек тили тарғиботига оид бирор жумла ёки ишора ҳам йўқ.  Ваҳоланки, ҳар куни кўз тушиб турадиган бу каби тасвирий воситаларнинг аҳамияти катта. Шуни эътиборга олган ҳолда, мамлакат миқёсида шу мавзуда бадиий паннолар, тарғибот-ташвиқот реклама материалларини яратиш ва барча кўчалар, биноларга ўрнатиш зарур. “Тилим – шон-шарафим”, “Тил – номусим, орим”, “Ўз тилим – ўзлигим“, “Тил ўрганган – олим” ва  бошқа қатор таъсирчан, ифодавий ҳикматларни ўртага ташлаш зарур.

                                 Фойдаланилган  адабиётлар:

1. Ўзбекистон  Республикаси Президентининг Қарори  04.10.2019 й.   ПҚ-4479  :Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида  //Халқ сўзи.-2019.-5окт.-Б. 1
2.Асроров,У.
     Миллат руҳи, ғурури ва тафаккури она тилида аксини топади руҳи   [Матн] /УАсроров.  // Маърифат .-2017.- 21 окт.-Б.1-5 

3.  Бахриддинова,Б.
     Тил -  миллат  руҳи   [Матн] /Б. Бахриддинова // Маърифат .-2017.- 7окт.-Б.11 

 4. Зоҳидова,М.
     Тил миллатнинг руҳи бўлса [Матн]   /М.Зоҳидова //Ўзбекистон адабиёти ва санъати .-2019.- 17май.Б.1-2

5.Исҳоқов,Б.
      Ватанга садоқат  ва юксак маънавият белгиси [Матн]  /Б. Исҳоқов // Наманган ҳақиқати.-2019.-21 сен.-Б.1
                                                                                                                                                                                                                        6.Маҳмудов,Н.
      Тил -  миллат кўзгуси   томирлар [Матн]  /Н. Маҳмудов
//Халқ сўзи.-2019.-3 окт.-Б.4

7. Менглиев,Б.
       Глобаллашув Тиллар тараққиёти ва таназзули[Матн] / Б.Менглиев // Маърифат .-2017.-14 окт.-Б.9
                                
8.Намозова,З.  
  Имлони билмай, илмга ўтилмайди [Матн]  /З.Намозова //Ишонч.-2019.-5 окт.-Б.4

9.Сайдалиев,Т.
      Юртини севган одам давлат тилини хурмат қилади [Матн]  /Т. Сайдалиев  // Халқ сўзи .-2019.-4 окт.-Б.3
10.Тил – миллат кўзгуси [Матн] //Ишонч .-2019.-21 окт.-Б.1-4

11.Турдиева,К.
      Тилга эътиборли – элга  эътиборли[Матн] / К.Турдиева // Маърифат.-2016.-19 окт.-Б.12

12.Тўраев,Ш.
     Саводсизлик вирусидан огоҳ бўлинг [Матн] /Ш.Тўраев // Маърифат.-2017.-11 окт.-Б.11

13. Шерқулов,Р.
      Туркий тилли давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик янада ривожланиши  миллий манфаатларимизга хизмат килади [Матн] / Р. Шерқулов  / /Халқ сўзи.-2019.-21 сен.-Б.3

14. Шодмон , Отабек.
       Тил ўзбекнинг ўзбеклиги [Матн] /Отабек. Шодмон //Инсон ва қонун .-2019.-10 сен.-Б.7


Комментарии

Популярные сообщения из этого блога

Axrotlashgan jamiyatda elektron kutubxonalarni o'rni va vazifalari

Axborot-kutubxona faoliyatida axborot kommunikatsiya texnologiyalarini o‘rni va ulardan foydalanish